Skip to main content

Bosh sahifa / Bo'limlar / Тарихшунослик ва манбашунослик бўлими

Тарихшунослик ва манбашунослик бўлими

Тарих фани бошқа фанлардан ўз тарихига бўлган катта диққат, эътибори билан ажралиб туради. Вақт ўтиши билан тарих фанининг тарихи алоҳида илмий йўналишга айланди, тарихни ўрганишда эса –тарих фанининг муҳим махсус соҳаси – тарихшунослик номини олди.

Тарихшуносликда энг асосий эътибор қуйидагиларга қаратилади:

- тарихшунослик таҳлилининг назарий масалалари, методологияси ривожи масалалари, мазкур соҳа назарий ва методологик муаммолари ҳақидаги фикрлар кураши;

- тарихчилар томонидан ўрганилаётган мавзулар, шунингдек масалани ёритишда жалб қилинган манбаларнинг кенгайиши ва ўзгариши эволюцияси;

- илмий таҳлил усулларининг такомиллашуви, тадқиқотнинг манбашунослик воситалари, манбалар танқиди;

- тарихий материални баён қилиш характери, турли даврдаги тарихчилар стили.

Ўзбекистонда тарихшуносликнинг академик маънодаги институционал шаклланиши ХХ асрнинг 60-йилларида, Фанлар академияси Президиумининг махсус қарори билан Тарих институти базасида тарихшунослик секторининг ташкил этилиши билан амалга ошди. Кейинчалик бу сектор  бўлимга айлантирилди, бўлимда тадқиқотларнинг  ташкилий ва муаммо-мавзулар майдонинг кенгайиб бориши билан у “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари” номини олди. 1968 - 1988 йй. бўлимга т.ф.д., проф. Б.В. Лунин,  1888 – 1992 гг. – т.ф.н. В.А. Германов, 1992 й. ҳозирга қадар – т.ф..н., проф. Д.А. Алимова раҳбарлик қилиб келмоқдалар. Ушбу Махсус бўлимнинг ташкил топиши тарихшуносликни Тарих институти илмий фаолиятининг етакчи йўналишларидан бири сифатида ривожланишини рағбатлантирди. Вақт ўтиши билан Бўлим республикадаги тарихшунослик тадқиқотлари марказига айланди. Унинг фаолияти тарихшунослик ишини кенгайтириш ва жонлантиришда, бошқа ҳудудлардаги тарихчи ва тарихшуносларнинг илмий алоқаларни ўрнатишларида, ижодий мулоқотлари, тажриба аламашишлари, изланишларини мувофиқлаштириш ва бирдамлаштиришда рағбатлантирувчи омил бўлди.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши, янги тарихий шароитда жамият томонидан ҳал этилаётган муаммолар ватан тарихи фани олдига аниқ вазифаларни қўйди.  Бу вазият ўз табиатига кўра мураккаб «тарихий-илмий организмнинг” барометри бўлган тарихшунослик фани олдига ҳам тарихшунослик материалини янги ёндошувлар асосида янги сифат даражасида қайта мушоҳада қилиш заруратини долзарблаштирди. Бу ўз навбатида Бўлим зиммасига алоҳида масъулият юклади.

Бу масалада тарихшунослар тарихчиларга ва ватан тарихидаги воқеа ва фактларни баҳолашда эскича ёндошувлардан, тадқиқотчи тафаккур эркинлигини чегаралаб қўйган тарихий билимларни ортиқча сиёсийлаштириш  ва мафкуралашувидан  воз кечишда ёрдамга чақирилдилар. Бўлимнинг фаолияти ўтган асрнинг 90-йилларида биринчи навбатда айнан шу муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилди. Тарих фани ривожининг янги босқичи илгари сурган вазифалардан келиб чиқиб, Бўлимда тарихий тафаккур ривожи эволюциясини ёритувчи фундаментал тадқиқотлар яратиш дастури ишлаб чиқилди.

Мисоллар

Тарихшунослик тадқиқотларини мувофиқлаштиришда, илмий алоқаларни йўлга қўйишда, ўрганилиши лозим бўлган муаммолар доирасини, ривожланиш истиқболини белгилашда 1989-2012 йилларда Бўлим томонидан ташкил этилган ва ўтказиб келинаётган Республика миқёсидаги “Тарихшунослик ўқишлари” илмий-амалий конференцияси муҳим аҳамиятга эга бўлди. Замонавий тарихий тафаккур методологик масалаларини кенг муҳокама қилишда Бўлим ташаббуси билан ташкил этилган “Тарих институтидаги жума учрашувлари”Пятничные встречи в Институте истории») илмий-назарий семинари қулай майдонга айланди.

Умуман, замонавий Ўзбекистон тарихшунослиги ривожининг сўнгги йиллардаги тажрибаси тарихий билимларнинг бу муҳим соҳаси, тарих фани замонавий методологияси ва назарияси билан мустаҳкам алоқада бўлгандагина мақбул ривожланишга эришишини кўрсатмоқда.

Бу муаммони ҳал қилиш Ўзбекистон тарих фанидаги замонавий тарихшунослик вазиятини характерловчи  бир қатор омилларни ҳисобга олгандагина самарали бўлади.

Биринчидан, тарих фани ва таълим ривожи  ахборот революциясининг сифат жиҳатидан янги босқичи яъни, тадқиқотчиларнинг хорижда чоп этилган  илмий  ва ўқув тарихий адабиётларни ўрганиш имкониятлари кенгайган шароитда кечмоқда. Чунончи бу ишлар Совет тарих фанида кўп йиллар давомида чоп этилган асарлардан фарқли методологик ва назарий асосларга таяниб, ўзгача илмий ёндошувларни намоён қилади.

Иккинчидан, бу Ватан тарихини ўрганишда 1990 йилларнинг бошидан амалга ошиб келаётган ўзига хос архив революциясидир. Илгари фан учун тақиқланган  катта ҳажмдаги ахборотни нафақат илмий муомалага киргизиш, балким унинг талқинига янгича назарий-методологик асосда ёндошувни ҳам талаб қилади.

Учинчидан, Ўзбекистон тарихи фани яқин ўтмишда тарих фанида қарор топган монопол методология билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатларни  бартараф этиш  заруратини ҳисобга олади.  М. Вебер, О. Шпенглер, А. Тойнби, Ф . Бродел, М. Фуко, Э. Саид  ва бошқаларнинг ғоялари ва асарлари,  Анналлар мактаби концепциялари, тарту мактаби,  тарихий антропология, ўтмишни ўрганишдаги макро- ва микроёндошувлар- буларнинг барчаси  тарихий конструкцияга кирибгина қолмай, балким   тарихий изланишлар жараёнида мушоҳада ҳам қилинмоғи лозим. 

Шундай қилиб,  ватан тарихшунослиги маълум 40 йилни босиб  ўтганига қарамай, тарихий тафаккур ривожининг ҳозирги босқичи  мутахассис тарихшунослар олдига  янги вазифалар ва чақириқларни илгари сурмоқда.

 

Бўлимнинг режалаштирилган илмий лойиҳалари:

2011-2016  Ўзбекистонда таълим тарихи ва тарихшунослиги: тажриба, муаммолар, ривожланиш ва ўрганиш

2009-2011  ХХ аср Ўзбекистон тарихи ва тарихчилари

2007-2011   Ўзбекистонда тарихий  дунёқарашнинг ташкил топиши ва ривожланиши (қадимги даврдан то ҳозиргача )

2003-2007   ХХ аср Ўзбекистон тарихшунослигининг тавсифи

2003-2005   Ўзбекистоннинг интеллектуал тарихида Фанлар Академиясининг тутган ўрни

1997-2002  Хориж тарихшунослигида Туркистон: объект ва феномен сифатида

Left sub menu