Skip to main content

Bosh sahifa / Bo'limlar / Ўзбекистоннинг совет даври тарихи бўлими (1917-1991 йиллар)

Ўзбекистоннинг совет даври тарихи бўлими (1917-1991 йиллар)

Тарих институти ходимлари томонидан дастлабки даврларда 1917 йилдаги Февраль инқилоби ва Октябрь тўнтаришининг Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларга таъсири масалалари ўрганилди (Р.Я. Ражапова, Р.М. Абдуллаев, С. Агзамходжаев, И.А. Алимов, А.Х. Бобохўжаев, Ҳ.Ш. Иноятов, Р.А. Нуруллин, Қ.К. Ражабов ва бошқалар.).

Шунингдек,  Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси (1920 – 1924 й.) каби ўзига хос давлат бошқарув тузилмалари тарихини ўрганишда ўз улушини қўшди. Ўзбекистон ишчи, деҳқонлари ва зиёлилари фаолияти тўғрисида илмий ишларни амалга оширган (И.М. Мўминов,К.О.Оқилов, Р.Х. Аминова, М.А. Охунова,  А.А. Голованов, А.Ю. Ибрагимова, Ф.Б. Исҳоқов, Р.Ҳ. Каримов ва бошқалар).Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабада Ўзбекистоннинг ҳиссаси ўрганилган. Мазкур изланишлар натижасида уч томлик коллектив монография яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви   ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Бухоро ва Хоразм республикалари тарихи, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш ва уни амалга ошириш жараёни, Ўзбекистонда хотин-қизлар аҳволи масаласи ва бошқа мавзулар ҳақида монографиялар ҳамда ҳужжатлар тўпламлари чиқарилди.

Институт олимларининг кўплаб  тадқиқотлари Ўзбекистон тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Бироқ совет даврида мавжуд бўлган турли ижтимоий-сиёсий воқеаларни мутлақлаштиришдан воз кечиш, тарихни сиёсийлаштириш ҳамда воқеа ва ҳодисаларнинг тор ва партия андозалари бўйича таҳлил қилиш каби мавжуд эски қарашларни ҳар томонлама кўриб чиқиш, умуминсоний қадриятларнинг устунлиги, тарихимиздаги “оқ ва қора доғлар”ни ўрганиш каби ҳолатлар таҳлил қилинди.

2000 йил январда дастлаб “Ўзбекистоннинг совет даври тарихи” сектори (сектор мудири т.ф.н. Қ.К. Ражабов) ташкил қилинди. Бироқ орадан кўп ўтмай бу сектор “Ўзбекистоннинг мустамлака даври тарихи” бўлимига қўшиб юборилди ҳамда мазкур бўлим “Ўзбекистоннинг XIX-XX асрлардаги тарихи” номини олди.

 “Ўзбекистоннинг совет даври тарихи” бўлими 2012 йил 7 майда ташкил қилинди. Бўлим мудири қилиб т.ф.д., проф. Қ.К. Ражабов тайинланди. Мазкур бўлимда айни пайтда т.ф.д. Р.М. Абдуллаев, т.ф.н. Ш.Б. Мухамедов, т.ф.н. Б.А. Пасилов, к.и.х. Р. Н. Шигабдинов, к.и.х. Ф.С. Бобоев, к.и.х. Б.М. Қандов фаолият кўрсатади.

Ҳозирги вақтда мазкур бўлимнинг ўз олдига қўйган энг муҳим мақсади тарих фанида ўз ечимини топмаган муҳим масалаларни ҳал қилишдан иборат. Шунингдек, бўлим кўп жилдли “Ўзбекистон тарихи” академик нашрининг совет даври тарихига бағишланган “Ўзбекистон тарихи  (1917-1991 й.)” фундаменталь тадқиқоти ва “Ўзбекистон тарихи хрестоматияси (1917-1991 й.)” китобларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш устида иш олиб боряпти. Шунингдек, бўлим ходимлари айни пайтда совет ҳокимияти томонидан 1924 – 1925 йилларда Ўрта Осиё республикаларида ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати тўғрисидаги коллектив монография устида иш олиб боришмоқда.

Илмий тадқиқотларни кўп миллатли Ўзбекистон жамияти, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш бўлимнинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Бўлим ходимлари олдида Ўзбекистонда совет давридаги воқеа ва ҳодисаларни баҳолашда эски андозалардан воз кечган ҳолда тарихий изланишларни миллий мустақиллик концепциясига асосланган методологияни  қўллаган ҳолда ёритиш каби масъулиятли вазифалар турибди.

БЎЛИМНИНГ РЕЖАВИЙ ЛОЙИҲАЛАРИ:

- 2012 -2013 й.: Ўзбекистон тарихи (1917-1991 й.)

- 2012 - 2013 й.: Ўзбекистон тарихи хрестоматияси (1917-1991 й.)

- 2015 – 2017 й.: Ўрта Осиё республикаларида ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш ва унинг оқибатлари (1924 – 1925 й.)