Skip to main content

Bosh sahifa / Institut tarixi

Institut tarixi

Тарих институти 1943 йил (1970 йилгача – ЎзССР ФА Тарих ва археология институти) СССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали Тил, адабиёт ва тарих институти асосида ташкил қилинган.

     Институни турли даврларда З. Ш. Раджабов (1943-1945), В. А. Шишкин (1945-1947), В. Я. Непомнин (1947-1949), Р. Н. Набиев (1949-1952), Х. Т. Турсунов (1952-1955), И. М. Мўминов (1955-1956), Я. Ғ. Ғуломов (1956-1959), А. Х. Бабаходжаев (1959-1964), М. А. Охунова (1965-1986), Р. Э. Раджапова (1986-1991), А. А. Асқаров (1991-1995), А. Р. Мухамаджонов (1996-1998), М. М. Исҳоқов (1998-2000), Д. А. Алимова (2000-2010), Р.М.Абдуллаев (2011 йилдан то ҳозирга қадар) лар  раҳбар бўлган.
      Агар институт ташкил топган вақтда унинг жамоаси 44 кишидан, шу жумладан, икки фан доктори ва беш фан номзодларидан иборат бўлган бўлса, ҳозирги кунда институтда 94 та ходим, шу жумладан, 2 та ЎзРФА академиги, 19 та фан доктори ва 22 та фан номзодлари илмий фаолият олиб бормоқда.
      Институт  олимлари Ватанимиз тарихининг ёритилмаган саҳифаларини ёритишда, жумладан, ўзбек халқи этногенези ва этник тарихини, Ўзбекистоннинг бой моддий ва маънавий маданияти тарихини тадқиқ қилишда улкан ҳисса қўшган ва ўзига хос мактаб яратган.
      Институт ташкил этилгандан буён Россия ва Марказий Осиё республикаларининг машҳур илмий марказлари билан ўзаро ҳамкорликда            илмий-методик анжуманлар, давра суҳбатлари, семинарлар, симпозиумлар ўтказишга жиддий эътибор қаратган. Ушбу анжуманлар муҳокомаларида кўтарилган муаммолар ва қилинган маърузалар “Тарих фанининг долзарб муаммолари” мавзуида мақолалар тўпламлари тарзида чоп этилган.
      Тарих институтининг илмий-ташкилий фаолиятида туб бурилишлар даври Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг юз берди. Собиқ советлар тузуми даврида тарих фани буткул мафкуравийлаштирилган ва сиёсий тус берилган бўлиб, совет тузуми ҳамда коммунистик мафкурани тарғиб қилишга хизмат қилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб институт ходимлари совет даврида тарихнинг сохталаштирилган ёки унитилган саҳифаларини тадқиқ қилишга жиддий эътибор қаратдилар. Ўзбекистон тарихининг кўплаб муаммолари янгича нуқтаи назардан обектив баҳоланди. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги махсус қарорини чиқиши тарих фанининг вазифаларини стратегик жиҳатдан ўзгартириш учун асос бўлди.  Ўзбекистон ҳукумати Республикада тарих фани тараққиёти учун зарур шарт-шароит ҳамда етарли даражада моддий-техник ёрдам кўрсатди.  Ўзбекистон Президенти И.А. Каримов  жамият тараққиёти тарих фанининг тутган ўрнини “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” тарзида муносиб баҳолаган.
     Қарорда кўрсатилган вазифалардан келиб чиқиб институтнинг илмий тадқиқотлари йўналишлари ҳамда ташкилий тузилиши  қайтадан ташкил қилинди. Ҳозирда институтда қуйидаги бўлимлар фаолият юритмоқда:

  1. Ўзбекистоннинг моддий маданияти  ва қадимги тарихи  бўлими.
  2. Ўзбекистоннинг  ўрта асрлар тарихи бўлими.
  3. Ўзбекистоннинг XIX аср охири-XX аср бошлари даври тарихи бўлими (то 1917 йилгача).
  4. Ўзбекистоннинг совет даври тарихи бўлими (1917-1991 йй).
  5. Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари ва замонавий тарихи бўлими.
  6. Этнология бўлими.
  7. Тарихшунослик ва манбашунослик бўлими.

     Янги илмий нашрлар: Мустақиллик йиллари институтдамахсус тарихий илмий журнал “Ozbekiston tarixi”, даврий илмий тадқиқотлар тўпламлари, “Ўзбекистон тарихининг янги саҳифалари” рукнида илмий-оммабоп рисолалар ва Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид қатор йирик монографиялар нашр қилинди. Айнан истиқлол йилларида институт мамлакатимизда тарихий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи ва малакали илмий кадрлар мактабини шакллантирувчи  марказга айланди. Умуман олганда ҳозирги кунга келиб институтнинг энг муҳим илмий тадқиқот йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи;
  2. ўзбеклар этногенези, этник тарихи ва этнографияси ҳамда  Ўзбекистон худудида яшовчи бошқа халқлар  этнологияси;
  3. ўзбек халқининг бир неча минг йиллик бой маданияти ва маънавий мероси тарихи;
  4. ўзбек халқининг тарихнинг турли даврларидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаёт тарзи, тараққиёт ва таназул сабаблари ҳамда тараққиётнинг ўзига хос хусусиятлари;
  5. моддий маданият тарихи;
  6. манбашунослик ва тарихшунослик.

     Ўзбекистон тарихининг замонавий методологиясининг асосий меёрлари тарихийлик, ҳаққонийлик, илмий холислик, миллий ва умуминсоний қадриятлар ташкил этади. Айнан сўнгги йилларда институт олимлари томонидан ўтмиш тарихни тўлақонли ва холис ёритиш мақсадида кенг жамоатчилик учун номалум бўлган ёки олдинлари таъқиқланган кўплаб манбалар илмий истемолга олиб кирилмоқда.  Айниқса ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихини ёритишда ватанимиз ҳамда хорижий тарихшуносликни ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек Европа, АҚШ, Осиё ва МДҲ мамлакатларининг йирик илмий тадқиқот муассасалари билан Марказий Осиё тарихини ҳамкорликда ўрганиш борасида ўзаро илмий ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилмоқда. Институт томонидан 2000 йил ўтказилган “Марказий Осиё ХХ аср бошларида: ислоҳатлар учун курашлар, тараққиёт ва мустақиллик” мавзуидаги халқаро илмий конференцияда 15 та хорижий мамлакат вакиллари ўзларининг маърузалари билан иштирок қилди. 2001 йил институт томонидан ташкил этилган “Марказий Осиё тарих чорраҳасида: ўтмишдан замонавийликка” мавзуидаги халқаро илмий анжуманда Япония. АҚШ, Жанубий Корея, Қозоғистон каби мамлакатларнинг қатор илмий муасасалари вакиллари иштирок қилди. 2006 йил  АҚШларининг Вашингтон ва Жорджия универститетлари билан ҳамкорликда иккита халқаро илмий анжуман ўтказилди. 2007 йилда эса институт ЮНЕСКОнинг ЎЗбекистондаги ваколатхонаси, Марказий Осиёни тадқиқ қилиш Француз институти (IFEAC), Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (IICAS) ва Тошкент ислом университети билан ўзаро ҳамкорликда “Марказий Осиёда ислом қадриятлари: толерантлик ва гуманизм” мавзуида йирик халқаро илмий конференцияни ташкил қилди.
      Охирги йилларда институтда этнология, қадимги ва ўрта асрлар даври тарихи, моддий маданият тарихи, шунингдек Ўзбекистоннинг мустамлака даври тарихига оид кўплаб ишлар яратилди. Жадидчилик, советлар ҳукмронлигига қарши Ўзбекистонда олиб борилган қаршилик харакатлари тарихи, совет ҳукуматининг репрессия сиёсати, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихи, ўзбек халқининг маданият соҳасида эришган ютуқлари янгича қарашлар асосида баҳоланди.  Ўзбекистоннинг мустақиллик давридаги замонавий тарихини ёритиш борасида ҳам дастлабки амалий ишлар амалга оширилди. Умуман олганда институт томонидан охирги ўн йилликда 60 дан ортиқ монографиялар нашр қилинди. Қолаверса илмий жамоа илмий ходимларининг хорижий илмий журналларда 200 дан ортиқ илмий ишлари эълон қилинди. Институт ҳозирда қатор хорижий илмий лойиҳаларида иштирок қилмоқда. Шунингдек ушбу илм масканида  Республикамизнинг 7 та университитетлари билан ҳамкорликда “Бирлашган Ўзбекистон тарихи” кафедраси ташкил қилинган. Ушбу кафедрада магистрларга институт профессорлари тарих фанининг долзарб мавзуларида маърузалар ўқимоқда. Институт хар йили аспирантура ва докторатурага қуйидаги мутахасисликлар бўйича ёш мутахасисларни қабул қилади:

  1. Ўзбекистон тарихи;
  2. Тарихшунослик ва тарихий тадқиқот усуллари;
  3. Этнология.

Халқаро ҳамкорлик

Тарих институти ходимларининг совет даври ва 90-йилларда хорижлик ҳамкасблар билан алоқалари ёки уларнинг чет эл нашриётларида ноширчилик ишларидаги иштироки кўп кўзга ташланмаган.. Хорижий тилларни билувчилар сони кам бўлган.